Oxirat safari
Oxirat safari
June 4, 2025 at 02:28 AM
Арафа куни ҳаж қилмаганлар учун амаллар. Арафа куни — Аллоҳнинг ғазабидан Унинг раҳматига қочиш куни. Унга рози бўладиган амаллар сари шошилиш куни. Тавба қилиш ва осмонлару ер кенглигидаги жаннатга интилув кунидир. Бу — ихлос, сидқ, Аллоҳни улуғлаш, тақво ва кўплаб савобли амаллар куни. Барча қурбатлар яъни Аллоҳга яқинлашишлар ва яхшиликлар ушбу кунда маҳбубдир, суюклидир. Чунки Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар: *«Аллоҳга бу ўн кун ичида амал қилишдан кўра севимлироқ амаллар йўқ»,* Арафа куни ҳам шу ўн кунга киради. Шунинг учун: • Қалбингиз рози бўладиган, • Нафсингиз таскин топадиган, • Сизни Аллоҳга яқинлаштирадиган ҳар қандай амални маҳкам ушланг. Қуйида ҳаж қилмаганлар учун Арафа куни бажариш тавсия қилинган энг афзал амаллар келтирилади: ⸻ 1. Арафа кунини улуғлаш ва эҳтиром қилиш Аллоҳ таоло шундай деган: *…Ким Аллоҳнинг шаъийраларини (ҳурмат қилган ишларни) улуғласа, бас бу қалблар тақвосидандир.* (Ҳаж сураси, 32-оят) Бу кунни улуғлаш — унинг ҳурматини сақлаш, унга бўлган эҳтиром ва сидқ билан амал қилишдир. Аллоҳнинг наздида қалб тақвоси энг муҳими бўлгани сабабли, бу амал ҳам қалбдаги тақво белгисидир. ⸻ 2. Қалб амаллари • Аллоҳни таний билиш, • Уни севиш, • Ихлос, • Унга таваккул ва ишонч, • Ундан қўрқиш ва умид қилиш, • Сабр, шукр ва розилик, • Тавба ва итоат. Бу амаллар диннинг асосидир. Аллоҳ таоло айтган: *Аллоҳга на уларнинг гўшти етади ва на қони, балки унга сиздан тақво етади.* (Ҳаж сураси, 37-оят) Ибн Қаййим айтган: *“Қалб амали — асос, аъзолар амали эса унинг ифодасидир.”* ⸻ 3. Арафа куни рўза тутиш Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар: *«Арафа куни рўзаси ўтган йил ва келаси йил гуноҳларига кафорат бўлишига умид қиламан».* (Муслим ривояти) Бу рўза нафақат гуноҳларни ювади, балки даражаларни ҳам кўтаради. Ҳаж қилувчи учун эса, Пайғамбаримиз ﷺнинг йўлига эргашиб рўза тутмаслик афзалдир, чунки у куни дуо, зикр ва ибодат билан машғул бўлиши керак. ⸻ 4. Аллоҳни кўп зикр қилиш Жумладан: • Тонг ва кеч зикрлари • Масжидга кириш ва чиқишдаги зикрлар • Намоз ортиданги тасбеҳ-зикрлар • Дуо ва истиғфор Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар: *«Арафа кунининг дуоси — энг афзал дуодир».* *«Арафа кунида энг яхши сўз: “Лаа илаҳа иллаллоҳ, ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қадийр”».* ⸻ 5. Намозга эътибор ва доимий таҳоратли юриш • Намозларни масжидда, хушуъ билан, вақтида адо қилиш, • Суннат намозлар ва нафл намозлар, • Ишроқ ва зуҳо намозлари, • Пайғамбаримиз ﷺайтганлар: *«Намоз — энг афзал амалдир».* ⸻ 6. Қуръон ўқиш ва тадаббур қилиш • Қуръон тиловати, • Маъноларини англаш, • Унга амал қилиш Аллоҳ шундай деган: *Нима, улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки қалбларига қулф урилганми?!* (Муҳаммад сураси, 24-оят) ⸻ 7. Тавба ва истиғфорга шошилиш • Қалбни софлаш, • Кўз ёшлари билан истиғфор айтиш, кечирим сўраш, • Юракдан тавба Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: *“Бу кун бошқа кунлар каби эмас. Агар ўтказиб юборсанг, ўрнини тўлдира олмайсан!”* ⸻ 8. Вақтга қизғониш ва тилни сақлаш • Лағв-бекорчи сўзлардан сақланиш, • Қийматли вақтни ўзни ва ўзгаларни ислоҳ қилиш учун ва ибодатга сарфлаш • Фойдасиз гап-сўзлар, тортишувлардан қочиш ⸻ 9. Садақа бериш ва яхшилик қилиш • Мискинларга егулик бериш, • Қийналганларга ёрдам, • дардманларга дори-дармон олиб бериш Ҳадисда айтилган: *«Ким бир мусулмоннинг мусибатини енгил қилса, Аллоҳ ундан охиратдаги мусибатини енгил қилади».* ⸻ Хулоса. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтган: *«Кимга Арафотга бориш насиб бўлмаса, қалби билан Аллоҳнинг маърифатига юзлансин. Ким Муздалифада тунай олмаса, у тоатда бедор бўлсин. Ким Минода қурбонлик қилолмаса, нафсини қурбон қилсин. Ким Каъбага ета олмаса, Каъбанинг Роббига юзлансин, зеро У дуо қилувчига жуда яқиндир!»* ⸻ Аллоҳим, бизларни ушбу улуғ кунда энг яхши амалларга муваффақ эт! Омийн.
👍 1

Comments