
Migrant.uz
May 23, 2025 at 08:04 AM
*Россия Федерациясида мигрантларнинг рус тилини билиши ҳақидаги бир неча минг сертификатлари бекор қилинди*
2024 йилда мигрантлар учун рус тилини билиш ҳақидаги 9 мингдан ортиқ сертификатлар бекор қилинди.
Бу ҳақда Рособрнадзор раҳбари Анзор Музаев Санкт-Петербург халқаро юридик форуми сессиясида маълум қилди.
Бундан ташқари, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан сўнг бундай ҳуқуқбузарликлар сони уч баравар камайди.
"Ички ишлар вазирлиги томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони қарийб 3 баравар камайди. Гап бекор қилинган гувоҳномалар ҳақида бормоқда ва асосан буларнинг барчаси ўзгартиришлар киритилгунга қадар амалда бўлган эски берилган ҳужжатлар", — деган у.
Музаевнинг эслатишича, ҳозирда Россия Федерациясида 203 та ҳақиқий имтиҳон ўтказиладиган жой мавжуд.
"Буларнинг барчаси федерал муассасалар ёки шўба корхоналар, булар давлат тузилмалари, уларнинг тижорат тузилмаларига ҳеч қандай алоқаси йўқ", - дея аниқлик киритди у.
2024 йил ноябр ойида Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқаролари учун рус тилидан имтиҳонларни учинчи шахслар томонидан ташкил этиш ва ўтказишни тақиқловчи қонунни имзолади.
Рус тилини билиш, Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асосларини билиш сертификати фақат ҳукумат томонидан имтиҳон ўтказадиган муассасалар рўйхатига киритилган давлат муассасалари томонидан берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерациясида рус тилини билмайдиган мигрантларнинг фарзандларини рус мактабларига қабул қилишни тақиқловчи қонун мавжуд.
Мигрантларнинг болаларини бошланғич умумий, асосий умумий ва ўрта умумий таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш фақат рус тилини билиш бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтган тақдирдагина мумкин.
