
Migrant.uz
May 25, 2025 at 06:53 AM
*"Ўзбекларни айблашга шошилманг!" Японияда қўлга олинган ўзбеклар ҳақида*
Сиз расмда кўриб турган, "5 та Ўзбек Японияда талончилик қилди" деган мазмундаги видеоларнинг остида "Маҳалла қаерга қараябди" деб 100 нафардан ошиқ ватандошларимиз мени белгилашибди. Бир нарсани айтиб кетай: Шифо сўраб борган табибимнинг ўзи ҳам бемор экан дегандек, энг ишкалчилардан биттаси менман-ку) Ҳазилдан ташқари, Япониядаги ватандошларимизнинг ичида энг пачақларидан бири менман. Аммо, ишончингиз ва меҳрингиз учун ташаккур!
Ўша жиноятчи ватандошларимизни айблашдан олдин, бир-иккита гап айтиб кетай: Японияда "Ями баито" деган иш тури оммалашди. Яъни мафиялар томонидан "Ажойиб иш. Кўп пул топасиз" мазмунида рекламалар билан одамларни жалб қилади. Улар кўпинча бу жиноятларни хорижликлар билан амалга оширади. Тилни, маданиятни, атроф-муҳитни унча яхши билмайдиган содда, пулга муҳтож хорижлик лаққа тушади. Ачинарлиси, жиноят эканлигини билмай қўл уриб қўяётганлари ҳам талайгина. Яна бир муҳим томони, ҳозир Японияда пул ишлаш учун "Хорижликларга шантаж қилаётган" Японлар ҳам жуда кўпайган. Аёл киши бўлса "Войдод тегажоғлик қилди" дейди. Эркак киши бўлса "Войдод тегажоғлик қилди" дейди) Яна бир муҳим томончаси: Японияга хорижликларни келишига қарши пропаганда юритадиган ОАВлар ҳам бор!
Кейин, Япон бошлиғимнинг тили билан айтганда: Япон полицияси ҳам БМТга ўхшаб, мафияларга "Хавотир билдиришади" холос. Бурнининг тагида офислари бор мафияни ушламай, катта-катта жиноятларни пайсалга солиб, кўчада бовул қилган, ичиб олиб бақирган ва шунга ўхшаган жиноятчаларни ваҳима қилиш билан оввора. Яна бир гап: Хурматли хурмачалар, суд бўлсин, айблари исботлансин кейин бақир-чақир қилсангиз ярашади. Ҳозирча улар гумонланувчи!
Энди, ўша видеонинг изоҳлар қисмини ўрганиб чиқдим. Афсуски, 99% изоҳ "Ўзбеклар қаерга борса ишкал қилади", "Бу миллат одам бўлмайди", "Шарманда қилдинг", "Ҳеч қаерда бизникилардек расволар бўлмаса керак" мазмунида. Кечириб қўясизу, хусусан Японияда жиноят бўйича охирги ўринларда турсак керак. Хитойликлар, Ветнамликлар, Бангладеш ва бошқаларни олдида бизникилар қилаётган жиноятлар урвоқ ҳам бўлмайди. Қиссадан хисса, у жиноят қилганларни оқламаган ҳолда, шундай ҳолатларни миллатимиз билан боғламасликка, ўзимизникилар томонга қайишишингизга чақирган бўлардим ва албатта четда юрган ҳар бир миллатдошимиз ҳам яхши таасурот қолдиришга ҳаракат қилсак яхши бўларди.
*Баҳодир Искандаров, Япония*
